
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш масаласи 2019 йил 5 февралдаги Президент фармони ҳамда 2020 йил 16 мартда қабул қилинган «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун билан ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган. Пандемия сабаб кечиктирилган ушбу тадбир бугунги кунда янги шароитда амалга оширилмоқда.
Сўнгги беш йилда мамлакатимизда катта иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар кузатилди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошди, аҳоли сони 38 миллиондан ортди, иқтисодиётга жалб этилган хорижий инвестициялар 43 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди. Шу билан бирга, ишсизлик даражаси пасайиб, миллионлаб аҳоли даромадлари ўсди, минглаб маҳаллалар камбағалликдан холи ҳудудга айланди.
Бу каби ўзгаришларнинг барқарорлигини таъминлаш, меҳнат бозори, бандлик, таълим ва касб тайёрлаш бўйича аниқ прогнозлар ишлаб чиқиш учун аҳолининг ҳаққоний сони ва таркиби ҳақида ишончли маълумотлар зарур. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги фармони асосида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича кенг кўламли ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Рўйхатга олиш жараёни икки босқичда ўтказилмоқда. Дастлаб, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари электрон тарзда рўйхатдан ўтказилди. Кейинги босқичда эса махсус тайёргарликдан ўтган ходимлар уйма-уй юриб, аҳоли ва қишлоқ хўжалигига оид маълумотларни йиғади. Жараёнда аҳолининг ёши, таълим даражаси, бандлик ҳолати, миграцияси, шунингдек, ердан фойдаланиш ва чорвачиликка оид кўрсаткичлар қамраб олинади.
Аҳолини рўйхатга олиш январь–февраль ойларида ўтказилиши тасодифий эмас. Бу даврда аҳолининг асосий қисми доимий яшаш жойларида бўлади, ўқувчилар ва талабалар таълим жараёнида иштирок этади, бу эса маълумотларнинг аниқлигини оширади. Рўйхатга олишнинг электрон шаклда амалга оширилиши маълумотларнинг тезкорлиги ва ишончлилигини таъминлайди.
Қишлоқ хўжалигига алоҳида эътибор қаратилиши ҳам замонавий иқтисодий шароит билан боғлиқ. Эркин бозор муносабатлари шароитида кўп тармоқли агросаноат тизимида аниқ статистик маълумотларсиз самарали сиёсат юритиш қийин. Шу боис, сўровномаларда ердан фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятига доир саволлар муҳим ўрин эгаллайди.
Рўйхатга олиш жараёнида тўпланган барча маълумотлар махфий сақланади ва фақат статистик мақсадларда қўлланилади. Бу эса аҳолининг ишончини мустаҳкамлаб, тадбирнинг самарадорлигини оширади.
Аҳолини рўйхатга олиш — мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тузилиши, демографик ҳолати, меҳнат ресурслари ва келгуси ривожланиш йўналишларини белгилаш учун энг тўлиқ ва ишончли ахборот манбаи ҳисобланади. Ушбу маълумотлар асосида давлат бошқарув қарорлари қабул қилиниб, миллий ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилади.
Баҳодир Умурзоқов,
иқтисод фанлари доктори, профессор.
