Shanba, Iyun 14, 2025
  • Biz haqimizda
  • Bog’lanish
  • Manzil
CEDR.UZ
  • Bosh sahifa
  • YANGILIKLAR
    • INTERVYU
    • MAQOLALAR
  • ME’YORIY HUJJATLAR
    • O’zbekiston Respublikasi qonunlari
    • O’zbekiston Respublikasi Prezidenti Farmonlari, qarorlari va farmoyishlari
  • Loyihalar
  • Rahbariyat
  • Markaz haqida
  • VIRTUAL QABULXONA
  • Login
No Result
View All Result
Cedr.uz
Home Infografika

ИНСОН КАПИТАЛИНИНГ ШАКЛЛАНИШИГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ОМИЛЛАРНИНГ ТАҲЛИЛИ

by cedradminuz
Oktabr 3, 2024
in Infografika, Maqolalar
0
0
SHARES
30
VIEWS
Share on FacebookShare on Twitter

Нуманова Мадина Латиф қизи

Related posts

«Statistik ko‘rsatkichlarni hisoblash nazariyasi va amaliyoti» mavzusida tadbir o‘tkazildi.

Dekabr 4, 2024

Sektorlararo ilmiy seminarning navbatdagi yig’ilishi bo’lib o’tdi

Noyabr 26, 2024

ТДИУ ҳузуридаги “Ўзбекистон иқтисодиётини

ривожлантиришнинг илмий асослари

ва муаммолари”илмий тадқиқот маркази

madinumani@gmail.com

Саломатлик инсон ҳаётининг асосидир. Уни юқори даражада ушлаб туриш орқали инсон меҳнат қобилиятини оширади, меҳнат унумдорлигини ва умуман ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади.

 Соғлиқни сақлаш капитали – бу инсоннинг соғлиғи ва иш фаолиятини яхшилаш учун зарур бўлган инвестицияларни англатади. Саломатлик, бир томондан, талаб мавжуд бўлган истеъмол товари бўлса, иккинчи томондан, бу товардан олинган фойданинг соф қиймати билан белгиланадиган инвестиция товаридир.

 Соғлиқни сақлаш капитали инсон капиталининг алоҳида тоифаси сифатида қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга:

• соғлиқни таълимдан фарқли ўлароқ, қисқа вақт ичида тўлиқ тиклаш ёки сотиб олиш мумкин эмас.

• бахтсиз ҳодисалар ёки фалокатлар каби кутилмаган ҳодисалар юзага келганлиги сабабли соғлиқни сақлаш капитали бир зумда йўқ қилиниши мумкин;

• ирсият ёки маълум касалликларга мойиллик туфайли шахснинг соғлиғини маълум даражадан ошириб бўлмайди, таълим даражасини эса янги билимларни олиш, кўникма ва малакаларни ривожлантириш орқали сезиларли даражада ошириш мумкин.

Саломатлик, бир томондан, талаб мавжуд бўлган истеъмол товари бўлса, иккинчи томондан, бу товардан олинган фойданинг соф қиймати билан белгиланадиган инвестиция товаридир.

Масалан, умр кўриш давомийлигининг ошиши қўшимча меҳнат фаолияти даврларини қўшишни назарда тутади, бу даврда инсон даромад олади ва ўз капиталига инвестиция қилади. Аҳолининг соғлиғига йўқотишлар ҳам мавжуд бўлиб, улар ногиронлик, касалланиш, ўлим каби кўрсаткичларда ифодаланади ва катта иқтисодий зарарга олиб келади.

Бугунги кунда жамият, айниқса, Ўзбекистон ўртача умр кўриш давомийлигининг пастлиги, саратон, юрак-қон томир касалликлари, диабет ва сурункали респиратор касалликлар каби юқумли бўлмаган касалликлар, қиммат тиббий хизмат кўрсатиш каби муаммоларга дуч келмоқда, бу эса соғлиқни сақлаш капиталини кескин камайтиради. 

Шу билан бирга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича профилактика тадбирларини мувофиқлаштиришнинг самарали тизими мавжуд эмас, бу соғлом турмуш тарзини сақлаш, фуқароларнинг соғлом овқатланиши ва жисмоний фаоллигини сақлаш бўйича келишилган чора-тадбирларни қўллаш имконини бермаяпти.

Аҳолининг тиббий, санитария-гигиена маданияти даражаси пастлигича қолмоқда, бунинг натижасида касалликларнинг олдини олишга эмас, балки уларни даволашга асосий эътибор қаратилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таърифига кўра, соғлиқ – бу инсоннинг руҳий, жисмоний ва ижтимоий фаровонлик ҳолати (Устав ВОЗ, 1986).

В. Петти, Т. Р. Мальтус, А. Смит, Д. Рикардо, К. Маркс ва А. Маршалл каби иқтисодий фанларнинг асосчилари биринчи марта соғлиқни сақлашнинг жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ижтимоий манбаи сифатида аҳамиятини таъкидладилар.Юқоридаги иқтисодчи олимлар жамиятнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашда инсон саломатлигининг аҳамиятини очиб беришга ҳаракат қилишди. 

Масалан, Уилям Петти (1940) илмий тадқиқотлар олиб борганида, ишчиларнинг соғлиғи даражаси ва вабо эпидемияси туфайли ўлим зарари ўртасидаги боғлиқликни ҳисоблаб чиқди.

Уилям Петти 1664 йилда “…вабо эпидемиясидан 100 минг кишининг одатдаги ўлим сонидан ошиб кетиши Қироллик учун деярли 7 миллион фунт Стерлингни йўқотишини англатади ва шунинг учун бу йўқотишнинг олдини олиш учун 70 минг фунт стерлингни сарфлаш афзал бўлар эди” деб таъкидлаган.

Майкл Гроссманнинг (1972) фикрига кўра, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш –  соғлиқ капиталини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган соҳалардир. Истеъмолчилар соғлиғини яхшилаш ёки касалликни даволаш учун тиббий ёрдамга мурожаат қилишади. Соғлиқни сақлаш, истеъмолчиларнинг фойдаси ва шу билан бирга фойда олиш воситасидир. 

Соғлиқни сақлаш – бу инвестиция объекти бўлган инсон капиталининг таркибий қисми. Олимнинг таъкидлашича, соғлиқ инсон капиталини шакллантириш ва ривожлантириш учун зарур бўлган узоқ муддатли маҳсулотдир. Бундай ҳолда, ҳар бир кишининг сармояси унинг узоқ муддатли афзалликларига боғлиқ.

Гроссман (1972) соғлиқни сақлаш капитали инсон капитали таркибида алоҳида ўрин тутади деб ҳисоблайди ва уни ҳисоблашда қуйидаги ёндашувни таклиф қилган:

U=U(φ𝑡𝐻𝑡, 𝑍𝑡 ), 𝑡 = 0,1, … , 𝑛.

Бу ерда:

U – соғлиқ капитали

φ𝑡– таъминот бирлигига “соғлиқни сақлаш хизматлари” оқимини англатади;

H t – бу т ёшидаги ёки т давридаги саломатлик захирасини билдиради;

t – тиббиёт ходими бўлимидан “хизмат оқими”ни ифодалайди.;

Z t –бошқа товарларни истеъмол қилишни тушунтиради.

Бизнинг фикримизча, Гроссманнинг (1972) таклиф қилинган модели соғлиқни сақлаш капиталини тўплаш жараёнига сезиларли таъсир кўрсатадиган бир қатор муҳим омилларни ҳисобга олмайди, масалан: спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, чекиш, жисмоний ҳаракатсизлик,овқатланиш ва замонавий дунёга хос бўлган баъзи ёмон одатлар.

Инглиз иқтисодчиси Маршаллнинг (1993) фикрига кўра, “Аҳолининг саломатлиги уч компонентдан иборат: жисмоний, ахлоқий ва ақлий. Улар биргаликда моддий бойликлар яратишга хизмат қилади, бу эса ўз навбатида одамларнинг саломатлигини оширади”.

Гари Беккер (1964), ўз навбатида, инсон капитали концепциясини ишлаб чиқди, инсон капиталига инвестициялар самарадорлигини асослаб берди ва инсон хатти-ҳаракатларига иқтисодий ёндашувни шакллантирди. Беккер (1964) “капиталга фойда даражаси” ўрнига “ички даромадлилик даражаси”тушунчасидан фойдаланишни таклиф қилди. Шу билан бирга, юқори даромад ставкалари инвестицияларнинг етарли эмаслигини, паст кўрсаткичлар эса уларнинг ортиқча эканлигини кўрсатади. 

Шунингдек, қайтариш ставкалари хусусий ва ижтимоийга бўлинади. Биринчиси инвестицияларнинг самарадорлигини индивидуал инвесторлар нуқтаи назаридан,иккинчиси – бутун жамият нуқтаи назаридан ўлчайди.

Солоу (1991) инсон капиталини иқтисодий ўсиш омилларидан бири деб ҳисоблайди. У ишчининг билим даражаси, малакаси ва соғлиғининг ошиши билан таъминланган оддий меҳнат бирлигининг самарадорлигини оширишни ўрганди. Хусусан, у ўзининг иқтисодий ўсиш моделида техник тараққиёт омилини ҳисобга олувчи ишлаб чиқариш функциясидан фойдаланган.

Лукас (2015) ўрганиш самарадорлиги функциясини қўшиш орқали Р.Солоу моделини ишлаб чиқди.У ишлаб чиқариш функциясининг ўзига хос талқинини таклиф қилди, унда инсон капиталини яратиш учун меҳнат харажатларининг улуши, инсон капитали захиралари ва унинг иқтисодиётдаги ўртача даражаси киради.

Лукас (2015) моделида жисмоний ва инсон капиталининг доимий ўсиш суръатлари билан динамик мувозанат ҳолатида ва ташқи таъсирлар мавжуд бўлмаганда ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати тўлиқ инсон капиталининг ўсиши билан белгиланади. Капитал қўйилмалар ва ишчилар сонининг кўпайиши билан нафақат ишлаб чиқаришни механизациялаш, балки ишчиларнинг саломатлиги ва малакаси ҳам ошади.

Девид Рикардо (1993) ишчилар соғлиғининг пул иш ҳақига ва уларнинг “бирламчи” ва “иккиламчи”эҳтиёжларга сарфланиши таркибига боғлиқлигини ўрганиб чиққан. Хусусан, хориждан келтирилаётган хориж маҳсулотларининг саломатликка таъсирининг ўрни ва аҳамиятини таъкидлаган.

Инсон капиталини шакллантириш асосий компонентлар ва уларнинг таркибий қисмлари мажмуи сифатида инсон капиталининг бевосита шаклланиши (1-жадвалга қаранг) ва фойдали натижа ёки даромад олиш учун инсон капиталидан фойдаланиш босқичидан иборат.  

1-жадвалга кўра, инсон капиталининг шаклланишига бир қатор омиллар таъсир қилади: демографик, иқтисодий, ижтимоий, соғлиқни сақлаш, экологик, технологик, институционал, хулқ-атвор ва бошқалар.

Хулқ атвор капитали — бу инсоннинг билими, малакалари, тажрибаси, шахсий сифатлари ва ижтимоий муносабатлари орқали жамият ёки иқтисодиётга киритиш мумкин бўлган барча ресурслар тўпламидир. Бу капитал инсоннинг шахсий хулқи ва сифатлари асосида жамият ёки иқтисодиётдаги ўрни ва фойдалилигини белгиловчи омиллардан бири ҳисобланади.

1-жадвал

Инсон капиталининг асосий таркибий қисмлари

Инсон капиталиТаркибий қисми
Соғлиқ капитали– ҳар қандай касалликка мойиллик;- жисмоний ва психологик потенциал;- умумий саломатлик ҳолати;- руҳий саломатлик;- соғлиқни сақлашнинг ривожланиш даражаси;- хавфсизликни таъминлаш;- психологик ва ижтимоий барқарорлик
Таълим капитали– умумий билим;- махсус билимлар;- тадқиқот кўникмалари;- билимнинг ижтимоий қиймати;- ўз-ўзини тарбиялаш қобилиятлари
Профессионал капитал– умумий касбий билим, кўникма ва малакалар;- профессионал иш тажрибаси;- ташкилотчилик қобилияти;- ижодий қобилиятлар;- тадбиркорлик қобилияти;-инновацияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш қобилияти;- ишлаш қобилиятлари
Маданий капитали– умумий маданият ва санъат;- тарбия;-ўз-ўзини ривожлантириш учун ижтимоий-маданий мотивация
Хулқ-атвор капитали– устувор ижтимоий қадриятлар;- одоб-ахлоқ қоидалари;-ижтимоий инфратузилманинг ривожланиш даражаси;-ижтимоий ўзаро таъсир қилиш имконияти;- меҳнат мотивацияси;- корпоратив маданиятда иштирок этиш

Манба: муаллиф томонидан ўрганилган назарий материал асосида тузилган.

Хулқ атвор капитали ижтимоий, маданий ва иқтисодий капитал билан бир қаторда, инсоннинг ишлаб чиқариш жараёнидаги фаолияти ва иштироки орқали жамиятга қўшадиган ҳиссаси сифатида қаралади. Бу капитал тури инсоннинг ижтимоий интеракциялари, кўникмалари, таълим ва малакалари, иш тажрибаси ва умумий қобилиятлари билан боғлиқ.

Профессионал капитал — бу касб ва фаолият соҳаси бўйича инсонлар эгаллаган билимлар, малака, кўникмалар, тажриба ва мутахассисликлар мажмуасидир. Профессионал капитал меҳнат бозорида инсоннинг рақобатбардошлиги ва қийматини оширади. У иш жойидаги фаолиятни самарали бажариш учун зарур бўлган билим ва кўникмалардан, касбий алоқалар ва мутахассислик даражасидан ташкил топади.

Профессионал капиталнинг инсон капиталини ривожлантиришдаги ўрни:

Билим ва кўникмаларни ошириш: Профессионал капитал инсонларнинг касбий билими ва кўникмаларини доимий равишда такомиллаштиришни талаб қилади. Янги билимлар ва малака инсоннинг иш самарадорлигини оширади ва уни меҳнат бозорида рақобатбардош қилади.

Тажриба орқали ривожланиш: Инсон ўз касбий фаолияти давомида орттирган тажриба орқали янги кўникмаларни эгаллайди ва уларни янада такомиллаштиради. Бу эса инсон капиталининг умумий ривожланишига ҳисса қўшади, чунки тажриба орқали шаклланган кўникмалар тезда ўзлаштирилади ва амалий фаолиятда самарали қўлланилади.

Таьлим капитали — бу таълим муассасалари ва таълим тизимига сарфланган барча ресурсларни ўз ичига олган тушунча. Ушбу капиталга инсон, молиявий, моддий, маънавий ва ижтимоий ресурслар киради. Таьлим капитали жамиятнинг келажаги, инновациялар ва технологияларнинг ривожланиши учун асосий манба ҳисобланади.

Инсон капиталининг ривожланишида таълим капитали муҳим роль ўйнайди. Инсон капитали — бу инсонларнинг билимлари, кўникмалари, иқтидорлари ва саломатлигини ифода этади. Таьлим капитали инсонларнинг:

Билимларини оширишга: Таълим тизими орқали инсонлар замонавий билимлар, илмий тушунчалар ва янги технологиялар ҳақида маълумот олишади.

Кўникмаларини ривожлантиришга: Таълим муассасалари инсонларнинг амалий ва интеллектуал кўникмаларини шакллантиради, бу эса меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишга ёрдам беради.

Тарбия ва ижтимоий малака оширишга: Мактаблар ва университетлар ижтимоий тарбия, меҳнатга нисбатан тўғри муносабат, масъулият ва жамоавий фаолият кўникмаларини шакллантиради.

Иқтидорларни юзага чиқаришга: Таълим муассасалари инсонларнинг иқтидор ва қобилиятларини аниқлаш ва ривожлантиришга ёрдам беради, бу эса уларнинг шахсий ва профессионал ривожланишларига олиб келади.

Буларнинг барчаси инсон капиталининг ўсишига олиб келади ва иқтисодий ўсиш, инновация ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлайди. Таьлим капиталидаги инвестициялар инсон капиталидаги ўсишнинг асосий омили бўлиб, бу эса мамлакатнинг умумий ривожланишига катта ҳисса қўшади.

Таълим сифати: Юқори сифатли таълим инсон капитали асосини ташкил этади. Мактаб ва олий таълим муассасаларидаги таълим сифати инсоннинг билим ва кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Таълимга кириш имконияти: Таълим ва касбий тайёргарликка кириш имконияти инсон капитали ривожланишига катта таъсир қилади. Барча учун тенг таълим имкониятлари яратилиши жамиятда инсон капитали ривожланишига ёрдам беради.

Узлуксиз таълим: Таълим фақат мактаб ёки университет билан чекланмайди. Малака ошириш ва қайта тайёргарлик курслари инсон капитали ривожланиши учун узлуксиз таълим муҳим аҳамиятга эга.

2024-йилда Ўзбекистонда 219 та олий таълим муассасаси бўлиб, уларда таҳсил олаётган талабалар сони жами 1314542 тани ташкил этган (1-расм).

Статистик маълумотларга эътибор қаратсак, мамлакатимизда 2020-йилда меҳнатга лаёқатли аҳоли улуши 50-59% орасида ўзгариб турди. Мамлакатимизда иқтисодий фаол аҳолининг 41% 16 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилади.Уларнинг 13,9% олий, 60,2% ўрта махсус,25,9% ўрта маълумотга эга кадрлар. Шундан хулоса қилиб айтса бўладики, ёшлар меҳнат бозорида олий маълумотлиларга нисбатан ўрта махсус маълумотга эга кадрлар ўртасидаги рақобат, иш ўрнига талаб юқори.

1-расм. 2020-2024 йиллар кесимида Ўзбекистон Республикаси

олий таьлим муассасаларининг сони

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги статистика агентлиги  маълумотлари асосида муаллиф томонидан тузилди. 

Мазкур таҳлил Ўзбекистонда таьлим соҳасида сезиларли ривожланиш борлигини  кўрсатмоқда.Ўзбекистон Республикасида 2020-йил жами 119 та, 2021-йил 127та, 2022-йил 154та, 2023-2024 йил оралиғида жами 219 та Олий таълим муассасаларифаолият юритган. Ҳозирги кунда Олий таълим муассасалар сони 219 та бўлиб, улардан 26 таси хорижий олий таълим муассасаларидир. Ҳар бир йилда олий таьлим муассасалари сонининг барқарор ўсганини кўриш мумкин, лекин айниқса 2022-йилдан кейин бу ўсиш тезлашган. Бу ўсиш ҳукуматнинг таьлим соҳасидаги ислоҳотлари, янги университетларнинг очилиши ва хорижий университетлар билан ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши билан боғлиқдир.

Президентимиз 2023-йилга мўлжалланган парламент мурожаатномасида таълим муаммоларига алоҳида тўхталди. 2023-йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилинди. Бу борада бошланган ислоҳотларни давом эттириш, таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш  жуда долзарб масала ҳисобланади. Ушбу ўсиш Ўзбекистоннинг олий таьлим тизими ривожланиб бораётганлигини, талабаларга кўпроқ имкониятлар тақдим этилаётганлигини ва таьлим сифатининг ошишига эьтибор қаратилаётганлигини кўрсатади.​

2-расм. 2016-2020 йиллар давомида Ўзбекистон Республикасида ёшларни олий таьлим билан қамраб олиш даражасини ўзгариши

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги статистика агентлиги  маълумотлари асосида муаллиф томонидан тузилди.

Ушбу расмда Ўзбекистон Республикасида ёшларни олий таълим билан қамраб олишни 5 йиллик кўрсаткичлари келтирилган.Ушбу кўрсаткичларга кўра, 2016-йил ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси жуда паст бўлиб 9% ни ташкил этган. 2017-йил бу кўрсаткич 11% ни ташкил этган. 2019-2020 йилларда бу кўрсаткич сезиларли даражада ўсиб, 20-25% ни ташкил этган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.05.2024 йилдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш” тўғрисидаги ПФ-81-сон фармонига асосан,2024−2025 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрларига таклифлар бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида шакллантирилган. Бунда муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот, табиий фанлар, АКТ соҳалари йўналишлари бўйича давлат гранти квоталари оширилиши таклиф этилган.

Ижтимоий ва маданий омиллар инсон капиталини ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Маданий капитал — инсонлар томонидан ўрганилган, қабул қилинган ва ўзлаштирилган маданий ресурслар, билимлар, кўникмалар, қадриятлар, урф-одатлар, маданий мерослар, эстетик тушунчалар ва ижтимоий нормалар мажмуасидир. Маданий капитал инсоннинг шахсий ривожланиши, жамиятдаги мақоми ва ижтимоий алоқаларда муҳим роль ўйнайди. У Француз социологи Пьер Бурдьё томонидан жорий қилинган тушунча бўлиб, уч турга бўлинади:

Инкорпорацияланган маданий капитал: Инсоннинг шахсий билимлари, малака ва кўникмалари, турли ҳаётий тажрибалари ва маданий мослашувчанлиги.

Объективлаштирилган маданий капитал: Китоблар, санъат асарлари, инструментлар ва бошқа моддий маданий объектлар.

Институционал маданий капитал: Таълим муассасалари ёки бошқа ташкилотлар томонидан берилган дипломлар, сертификатлар ва бошқа расмий маданий белгилар.

Оила муҳити: Оиладаги тарбия ва қўллаб-қувватлаш кўникма ва билимларни ривожлантиришга катта таъсир қилади.

Ижтимоий тармоқлар ва ўзаро муносабатлар: Ижтимоий алоқалар ва ҳамкорлик билим ва кўникмаларни алмашишга ёрдам беради.

Маданий меъёрлар ва қадриятлар: Аниқ маданий қадриятлар таълим ва касбий ривожланишни қўллаб-қувватлаши ёки аксинча, чеклашга таъсир қилиши мумкин.

Маданий капиталнинг инсон капиталини ривожлантиришдаги ўрни:

Билим ва билим олиш жараёни: Маданий капитал инсонларнинг таълим жараёнида қандай билим ва тажрибаларга эга бўлишини белгилайди. Кенгроқ маданий капиталга эга инсонлар таълимни самаралироқ ўзлаштиришади, чунки уларда янги билимларни қабул қилиш ва тушуниш учун зарур бўлган базавий билим ва кўникмалар мавжуд бўлади.

Маънавий ва этик тушунчаларни шакллантириш: Маданий капитал инсоннинг қадриятларини, урф-одатларини ва ижтимоий нормаларини шакллантиради. Бу инсонларнинг шахсий ва ижтимоий турмуш тарзига таъсир қилади, уларнинг жамоадаги хулқ-атвори ва шахсий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга.

Ижтимоий алоқалар ва тармоқлар: Маданий капитал ижтимоий тармоқларни шакллантиришга ёрдам беради. Кенг маданий капиталга эга бўлган шахслар турли ижтимоий гуруҳларда ўз ўрнини топишади ва юқори ижтимоий мақомга эришиш имконига эга бўлишади.

Ишга жойлашиш ва касбий ривожланиш: Маданий капитал ишга жойлашиш ва касбий ўсишда муҳим роль ўйнайди. Турли маданий кўникмалар ва билимига эга бўлган шахслар меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиб, турли иш жойларида самарали фаолият юрита олишади.

Ушбу барча жиҳатлар маданий капиталнинг инсон капиталини ривожлантиришдаги муҳимлигини кўрсатади. Маданий капитал инсонларнинг шахсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётидаги ролини оширади, бу эса уларнинг умумий ривожланиши ва фаровонлигига ҳисса қўшади.

Иқтисодий омил ҳам инсон капиталига таьсир қилувчи муҳим омиллардан бири.

Даромад даражаси: Юқори даромад инсон капитали ривожланиши учун таълим, саломатлик ва бошқа соҳаларга сармоя киритиш имконини беради.

Иқтисодий барқарорлик: Иқтисодий барқарорлик инсон капиталига узоқ муддатли сармоя киритиш учун кўпроқ имконият яратади.

Сиёсий ва институционал омиллар

Давлат сиёсати: Таълим, саломатлик ва ижтимоий таъминотни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати инсон капиталини ривожлантиришга бевосита таъсир қилади.

Технологик омиллар инсон капиталини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Технологик ютуқлар ва инновациялар инсонларнинг билим, кўникма, малака ва иш самарадорлигини оширишга ҳисса қўшади. Технологиялар таълимдан тортиб меҳнат бозоригача бўлган барча соҳаларда инсонларнинг ривожланиши ва ўсиши учун катта имкониятлар яратади.

Технологияларга кириш: Замонавий технологиялар таълим ва касбий ривожланиш имкониятларини кенгайтиради, бу эса инсон капитали ривожланишига ёрдам беради.

Инновациялар: Янги технологиялар ва инновациялар таълимни янада самарали ва қулай қилади, бу эса инсон капитали даражасини оширади.

Демографик омиллар

Аҳолининг ёш таркиби: Ёш таркиб ишчи кучининг таклифини белгилайди. Масалан, ёшлар сонининг кўплиги таълим ва касбий тайёргарликка кўпроқ инвестиция киритишни талаб қилади.

Миграция: Ички ва халқаро миграция ҳам инсон капитали шаклланишига таъсир қилади. Ички миграция маҳаллий меҳнат бозорларини ўзгартиради ва янги кўникмаларга бўлган талабни оширади. Халқаро миграция эса мамлакатларга янги билим ва кўникмалар олиб келиши мумкин.

Соғлиқ капитали ҳам инсон капиталини ривожланишида катта аҳамиятга эга. Соғлом инсонлар меҳнат маҳсулдорлигини оширади ва узоқроқ ишлайди. Соғлиқ яхши бўлганда ишчи кучи камроқ касал бўлади ва шунинг учун иш жойидан камроқ фойдаланишади. Сифатли тиббий хизматларга етарли даражада кириш имконияти аҳолининг умумий саломатлигига таъсир қилади, бу эса инсон капиталининг даражасини белгилайди.

2021 йилги давлат бюджети харажатлари 188,1 триллион сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,6 фоизни ташкил этган. 2021 йилги давлат бюджети харажатларининг 48,9 фоизини ижтимоий харажатлар ташкил этган. 2021 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 23 316,8 млрд.сўм йўналтирилган. 

2022 йил соғлиқни сақлаш соҳасига  – 22 827,6 млрд. сўм йўналтирилган. 2022 йил учун давлат бюджети харажатлари 236 579 млрд. сўм ёки ЯИМнинг 26,6 % ни ташкил этган.

Давлат бюджетининг 2023 йил учун харажатлари 257 734 млрд. сўм ёки ЯИМнинг 24,1% ҳисобида тасдиқланди. Ижтимоий харажатларга 129 891 млрд.сўм йўналтирилиши белгиланиб, бу ўз навбатида жами давлат бюджети харажатларининг 50,4 фоизини ташкил этади (Электронный ресурс, 2023). 

2023 йил соғлиқни сақлаш соҳасига – 28 426 млрд. сўм йўналтириш режалаштирилган. Соғлиқни сақлаш бюджетида юқори улушни иш ҳақи харажатлари, жумладан унга ажратмалар ташкил этади. 2023 йилда ушбу мақсадлар учун 20 361 млрд.сўм (жорий харажатларнинг 71,6% и миқдорида) ажратилган. Аммо, шунга қарамай ҳудудлар бўйича аҳолининг касалликларга чалиниши,нафас органлари касалликлари,ҳазм қилиш органлари касалликлари,ҳазм қилиш органлари касалликлари, перинатал даврда юзага келадиган баьзи  ҳолатлардан гўдаклар ўлими ҳозирги кунда инсон капиталини шакллантиришга таъсир этувчи долзарб муаммоҳисобланади. 2-жадвалда ҳудудлар бўйича аҳолининг касалликларга чалиниши (минг ҳолат) келтирилган.  

2-жадвал

Ҳудудлар бўйича аҳолининг касалликларга чалиниши, минг ҳолат

(беморларда биринчи марта ташхиси билан рўйхатга олинган касалликлар сони)

 2018201920202021
Ўзбекистон Республикаси15 770,815 676,619 368,020 882,9
Қорақалпоғистон Республикаси858,9871,0786,0959,0
вилоятлар:    
Андижон1 527,71 525,71 742,42 212,3
Бухоро608,2493,0644,7912,8
Жиззах343,0351,3371,1479,5
Қашқадарё1 248,11 287,41 588,41 407,1
Навоий 508,8455,9431,8473,3
Наманган1 000,5946,7975,31 240,6
Самарқанд1 497,91 627,31 366,41 939,4
Сурхондарё1 249,71 142,7961,51 176,7
Сирдарё376,9381,8316,1487,7
Тошкент1 102,61 051,61 406,42 284,6
Фарғона1 936,52 127,21 872,02 169,4
Хоразм939,3929,21 028,611 49,8
Тошкент ш.2 480,22 408,42 589,13 936,2

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотлари асосида мaълумoтлaри acocидa муaллиф тoмoнидaн шaкллaнтирилгaн.

2018 йил ҳудудлар бўйича аҳолининг касалликларга чалиниши бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри 2 480,2 минг ҳолат ва Фарғона вилоятида 1 936,5 минг  ҳолат кузатилган.2021 йил  ҳудудлар бўйича аҳолининг касалликларга чалиниши энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри3936,2 минг ҳолат, Тошкент вилояти 2 284,6 минг ҳолат ва Андижон вилоятида 2 212,3 минг ҳолаткузатилган. Касалликларнинг асосий сифатлари бўйича аҳолини касалликларга чалинишини 3-жадвалда кўриб чиқамиз.

3-жадвал

Касалликларнинг асосий синфлари бўйича аҳолини касалликларга чалиниши, минг ҳолат

 2018201920202021
Барча касалликларулардан:15 770,815,676,619 368,020 882,9
Айрим юқумли ва паразит касалликлар419,9374,1701,3725,1
ўсмалар50,046,073,387,0
эндокрин тизими касалликлари, oвқатланиш тартибсизлиги, модда алмашинуви бузилишлари 634,1510,8735,9913,0
қон ва қон яратувчи органлар касалликлари ва имунне механизмини жалб этувчи айрим бузилишлар1 785,91 843,01 649,81 711,1
асаб тизими касалликлари521,8525,2834,71009,2
руҳий бузилишлар ва  хулқ-атворбузилишлари34,138,047,946,9
қон айланиш тизими касалликлари679,9717,9975,91 181,8
нафас органлари касалликлари4 707,64 750,54 585,84 598,1
ҳазм қилиш органлари касалликлари2 197,22 210,83 511,63 740,6
сийдик  таносил тизими касалликлари951,9940,01 402,91 700,1
ҳомиладорлик, туғиш ва туғишдан кейинги асоратлар360,3386,9809,2763,9
тери ва тери ости клетчаткасикасалликлари613,2627,3479,5504,4
суяк-мушак тизими ва қўшувчи тўқима касалликлари326,1318,1461,5312,7
перинатал даврда юзага келадиган баьзи ҳолатлар90,796,4123,2212,9
туғма аномалиялар, деформациялар ва хромосома бузилишлар10,712,616,010,7
ташқи сабаблар таьсирининг  жароҳатлар, заҳарланишлар ва айрим бошқа оқибатлар1 072,11 062,7976,61 139,4

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги статистика агентлиги маълумотлари асосида мaълумoтлaри acocидa муaллиф тoмoнидaн шaкллaнтирилгaн.

Юқорида келтирилган жадвалда,касалликларнинг асосий синфлари бўйича аҳолини касалликларга чалиниши бўйича нафас ўрганлари касалликлари ва ҳазм қилиш органлари касалликлари энг кенг тарқалганини кўришимиз мумкин.

Ўзбекистон кескин континентал иқлим минтақасига киради. Айниқса, Орол фожиаси, сўнгги йиллардаги иқлимий ўзгаришлар минтақа аҳолисининг нафас олиш органлари касалликлари даражасини ошириб юборди. Нафас аьзолари касалликлари ўлим сабаби кўрсаткичи бўйича бешинчи ўринни, болалар орасида эса иккинчи ўринни эгаллайди. Юртдошларимизни энг кўп қийнайдиган нафас олиш билан боғлиқ касаллик бронхиал астма ҳисобланади. Албатта бу инсон капиталига салбий таьсир кўрсатади (Электронный ресурс, 2023).

Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши билан боғлиқ масалалар инсон капиталига таьсир этувчи долзарб омил ҳисобланади. 4-жадвалда асосий ўлим сабаблари бўйича гўдаклар ўлими келтирилган.

4-жадвал

Асосий ўлим сабаблари бўйича гўдаклар ўлими (1 ёшгача)

(киши)

 2018201920202021
Жами ўлганларШу жумладан:7 5577 4727 8278 206
инфекцион ва паразитлар  касалликларидан178219266181
ҳазм қилиш органлари касалликларидан53726362
нафас органлари касалликларидан1 3151 4301 6101 782
туғма аномалиялардан922930856881
перинатал даврда юзага келадиган баьзи ҳолатлардан4 4944 2354 4974 627
бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва жароҳатлардан 175158137157
нерв тизими касалликлари181211202208
қон айланиши тизими  tizimi касалликлари818174174

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотлари асосида мaълумoтлaри acocидa муaллиф тoмoнидaн шaкллaнтирилгaн.

Ушбу жадвалда кўришимиз мумкин, гўдаклар ўлимига асосий сабаб бўлиб перинатал даврда юзага келадиган баъзи ҳолатлар ва нафас органлари касалликлари сабаб бўлмоқда. 

Перинатал давр – ҳомиланинг 28 ҳафтадан бошлаб, чақалоқ ҳаётининг дастлабки 7 суткасигача бўлган даврни қамраб олади. 1 ёшгача бўлган гўдаклар перинатал ўлими 2021-йилда 4 627 таниташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич 2018 йилга қараганда 2,9% ошган. 

Икки йил ичида туғилиш даражасида катта фарқлар бўлса, чақалоқлар ўлими коэффициентини ҳисоблаш қуйидаги формула бўйича амалга оширилади:

Бу ерда:

К – чақалоқлар ўлими даражаси;

а – маълум бир йилда 1 ёшгача бўлган болаларнинг ўлими сони;

б – маълум бир йилда туғилганлар сони;

c – ўтган йили туғилганлар сони.

Перинатал ўлим даражасини ҳисоблаш

Перинатал ўлим даражаси қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

Бу ерда:

К – перинатал ўлим даражаси;

а – ўлик туғилган чақалоқлар сони; 

б – ҳаётнинг биринчи ҳафтасидаги ўлимлар сони; 

c – туғилганларнинг умумий сони (тирик ва ўлик). 

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда она ва бола саломатлигига қаратилаётган эътибор,бу борада олиб борилаётган аниқ чора-тадбирлар натижасида мамлакатда болаларнинг омон қолиши ва соғлом ривожланиши бўйича юқори натижалар қайд этилмоқда. Аммо айрим муаммолар ҳам йўқ эмас ва уларни бартараф этиш учун чора-тадбирларни кўриш, профилактика ишларини олиб бориш  зарур.

Аҳолини  нафас органлари касалликлари ва ҳазм қилиш органлари касалликларига чалинишини олдини олиш мақсадида қуйидаги таклифларкелтирилди: 

➢ аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти бўйича профилактика ишларини олиб бориш;

➢ шаҳар, туман ва маҳалла кесимида спортнинг оммавийлигини ошириш;

➢ нотўғри овқатланиш билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни камайтириш бўйича профилактик тадбирларни ўтқазиш ва самарадорлигини ошириш;

➢ биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришни такомиллаштириш;

➢ туз, қанд ва йоғ миқдори белгиланган меъёрлардан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва газланган, рангли, ширин ҳамда энергетик ичимликларни ва умуман олганда инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи маҳсулотлар савдосини тартибга солиш;

➢ соғлом, таркибида гмо бўлмаган, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори инсон соғлиги учун хавфсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш;

➢ яшил ҳудудлар сонини кўпайтириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш зарур.

Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши билан боғлиқ масалалар инсон капиталига таьсир этувчи долзарб омил ҳисобланади.  Ўзбекистонда оналар ва болалар саломатлигини янада яхшилаш учун қуйидагилар тавсия қилинади:

➢ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган муҳтож болаларга кўпроқ сармоя йўналтириш зарур.

➢ болалар саломатлигини таъминлашда эмлаш қамровининг юқори даражасини сақлаб қолиш керак, ҳамда миллий иммунизация дастурининг таъминот тизимларини янада кучайтириш керак.

➢ бола ҳаётининг дастлабки  кунларига сармоя йўналтириш зарур;

➢ жамиятда соғлом фарзанд туғилиши, унинг тўғри ривожланиши ва тарбияси масалалари бўйичатушунтириш ишларини олиб бориш, аҳоли орасида тўғри овқатланиш ҳамда жисмоний фаолликни оширишни тарғиб этиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш зарур;

➢ болалар, ҳомиладор ҳамда эмизикли аёлларни витамин ва минераллар билан бепул таъминлаш.

Адабиётлар:

Becker Gary S. (1964) Human Capital. – Columbia University Press.

Grossman M. (1972) On the Concept of Health Capital and the Demand for Health / M. Grossman // Journal of Political Economy. – Vol. 80, № 2. – P. 223–255. 

Lucas R.E. (2015) Human Capital and Growth. American Economic Review: Papers and Proceedings. – Vol. 105, iss. 5, pp. 85–88.

Solow R.M. (1991) Growth Theory. In: Companion to Contemporary Economic Thought. M.Bleaney, D.Greenaway, I. Stewart (eds.). London, Routledge.–.–P.858. 

Девид Рикардо (1993) Антология экономической классики. В 2-х томах. Т. 1. – М.: МП «ЭКОНОВ», С 149-150. С.457.

Маршалл А. (1993) Принципы экономической науки: в 3 т. Т.1. Пер. с англ. -М.: Прогресс, С 272.

Петти У. (1940) Экономические и статистические работы. Т. I и II. Пер. с англ. -М. Соцэкгиз, c.82.

Устав ВОЗ (1986) Основные документы ВОЗ. – 36 изд.-Женева. -С.5-26.

Электронный ресурс (2023) Бюджет для граждан 2021-2022г.[Электронный ресурс]//Режим доступа:https://openbudget.uz/oz/ (Дата обращения 10.03.2023й).

Электронный ресурс (2023) Нафас аъзолар каслликлари:хавфли оқибатлардан профилактика ва даво чораларигача.[Электронный ресурс]//Режим доступа:https://ssv.uz/uz/news/nafas-azolar-kasalliklari-havfli-oibatlardan-profilaktika-va-davo-choralarigacha(Дата обращения 10.03.2023й).

Previous Post

Xorijiy ilmiy tadqiqot muassasalari bilan hamkorlik kengaytirilmoqda

Next Post

OBLIGATSIYALARNING BOZORDAGI DAROMADLILIGIGA TAʼSIR 

Next Post

OBLIGATSIYALARNING BOZORDAGI DAROMADLILIGIGA TAʼSIR 

TAVSIYA ETILGAN YANGILIKLAR

Rahbariyat

«Singapur ilg‘or tajribasi, zamonaviy texnologiyalari va boshqaruv usullari O‘zbekiston uchun foydali»

2 yil ago
Kaxa Bendukidze doktrinasi

Kaxa Bendukidze doktrinasi

4 yil ago

DIQQAT EʼLON

7 oy ago
«Do you want to make your enterprise a market leader? Success secrets of Hidden Champions – World Market Leader Companies» mavzusida davra suhbati bo’lib o’tdi

«Do you want to make your enterprise a market leader? Success secrets of Hidden Champions – World Market Leader Companies» mavzusida davra suhbati bo’lib o’tdi

1 yil ago

BIZNI KUZATIB BORING

KATEGORIYALAR BO’YICHA KO’RING

  • Davra suhbati
  • Hamkorlik
  • Infografika
  • INTERVYU
  • Loyihalar
  • Maqolalar
  • O'zbekiston Respublikasi Prezidenti Farmonlari, qarorlari va farmoyishlari
  • O'zbekiston Respublikasi qonunlari
  • YANGILIKLAR

MAVZULAR BO’YICHA KO’RING

2018 League Balinese Culture Bali United Champions League Visit Bali

MASHHUR YANGILIKLAR

  • Oʻzbekistonda turizmni rivojlantirish istiqbollari

    0 shares
    Share 0 Tweet 0
  • Yangi O’zbekistonning xalqaro munosabatlarda tutgan o’rni

    0 shares
    Share 0 Tweet 0
  • 2023 yilga quyidagi ixtisosliklar bо‘yicha tayanch doktorantura (PhD), doktorantura (DSc) va mustaqil izlanuvchilikka qabul e’lon qiladi

    0 shares
    Share 0 Tweet 0
  • “Moliya bozorini rivojlantirishning ustuvor yo‘nalishlari, zamonaviy tendensiyalari va istiqbollari” mavzusida II respublika ilmiy-amaliy konferensiya bo’lib o’tdi

    0 shares
    Share 0 Tweet 0
  • Kambag‘allikni qisqartirish – mamlakatimiz ijtimoiy-iqtisodiy siyosatining asosiy maqsadlaridan biri sifatida

    0 shares
    Share 0 Tweet 0

Biz haqimizda

Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti huzuridagi «O‘zbekiston iqtisodiyotini rivojlantirishning ilmiy asoslari va muammolari» ilmiy-tadqiqot markazi
Manzil: Chilonzor tuman, islom karimov shoh ko‘chasi 49-uy
Telefon: +99871 2392826

Bizga qo'shiling:

So’nggi yangiliklar

  • Mintaqaviy iqtisodiyotning zamonaviy muammolari: tajriba, tendensiyalar va istiqbollar» mavzusida III respublika ilmiy-amaliy konferensiyasi bo‘lib o‘tdi
  • Iste’molchilar huquqlarini himoya qilish: Qonunchilik va amaliyot» mavzusida seminar o’tkazildi
  • Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti huzuridagi ilmiy tadqiqot markazi sektor mudiri Qodirov Abdurashid Madjitovich 70 yoshni qarshiladi
  • Ilmiy markaz hamda universitetning «Yashil Iqtisodiyot» kafedrasi hamkorligida «Moliyaviy savodxonlik. O‘zbekistonning yangi avlodi” mavzusida davra suhbati boʻlib oʻtdi.
  • TDIU huzuridagi “Oʻzbekiston iqtisodiyotini rivojlantirishning ilmiy asoslari va muammolari” ilmiy-tadqiqot markazida universitetning “Moliya va moliyaviy texnologiyalar” kafedrasi bilan hamkorlikda “Moliya bozorini rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlari, zamonaviy tendensiyalari va istiqbollari” mavzusida IV respublika ilmiy-amaliy konferensiyasi tashkil etildi

Bizning manzil

Taqvim

Oktabr 2024
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031  
« Sen   Noy »
  • Biz haqimizda
  • Bog’lanish
  • Manzil

© 2021 Nursaidov.uz.

No Result
View All Result
  • Bosh sahifa
  • YANGILIKLAR
    • INTERVYU
    • MAQOLALAR
  • ME’YORIY HUJJATLAR
    • O’zbekiston Respublikasi qonunlari
    • O’zbekiston Respublikasi Prezidenti Farmonlari, qarorlari va farmoyishlari
  • Rahbariyat
  • Markaz haqida
  • VIRTUAL QABULXONA

© 2021 Nursaidov.uz.

Welcome Back!

Login to your account below

Forgotten Password?

Retrieve your password

Please enter your username or email address to reset your password.

Log In