

2026 йил 13 октябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги “Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари” илмий тадқиқот маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ўртасида илмий-амалий учрашув ўтказилди. Учрашувни марказнинг “Демография ва меҳнат бозори” сектори лойиҳа раҳбари проф. Б.Х. Умурзаков бошқарди. Миграция агентлиги номидан агентлик директори М.Т. Абдурахмонов иштирок этди.
Учрашувда миграция жараёнларини илмий асосда ўрганиш, уларнинг демографик ривожланиш ва меҳнат бозори кўрсаткичларига таъсирини баҳолаш ҳамда илмий натижаларни давлат бошқаруви амалиётига татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қуйидаги йўналишлар бўйича келишувга эришдилар:
– 2027 йилда ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш;
– ходимлар ўртасида илмий алоқаларни мустаҳкамлаш;
– янгиликлар ва сўнгги маълумотларни ўзаро алмашиш;
– конференцияларда ҳамкорлик қилиш ва уларни биргаликда ўтказиш;
– икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик шартномасини имзолаш.
Жумладан, марказда 2026 йил 22 октябрь куни ўтказилиши режалаштирилган “Ўзбекистонда ички ва ташқи миграция жараёнлари: муаммолар ва ечимлар” мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясига тайёргарлик кўриш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур ҳамкорлик миграция жараёнларини комплекс илмий таҳлил қилиш, илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга жорий этишга хизмат қилади.

